Юз минг сўмлик банкнот чиқарилаётганидан ҳадиксираш керакми?

0
1040

Kun.uz саволларига иқтисодчи Юлий Юсупов жавоб берди

— Жорий йилнинг 25 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 100 минг сўм бўлган банкнотдан иборат янги пул белгиларини муомалага чиқармоқда. Бу нима учун қилинмоқда?

— Агар эсласангиз, бор-йўғи бир неча йил муқаддам Ўзбекистонда энг катта банкнот минг сўмлик пул эди. 5 минг сўмлик пул пайдо бўлганида, улар етмай қолди. Эслаб кўринг-а, харид қилишда қандай қийинчиликлар мавжуд эди: бозорга пул тўлдирилган сумка кўтариб боришга тўғри келарди. Энди давлат ва банкларга ҳам тонналаб пулларни ишлаб чиқариш ва ташиш нечоғлик қийин бўлганини тасаввур қилинг. Бу тонналарни чоп этиш учун қанча қоғоз, бўёқ, яна транспорт харажатлари кетарди? Улкан ҳажмдаги банкнотларни санашнинг ўзига қанча электр энергияси сарф бўлади? Янги банкноталар пайдо бўлишидан аввалги йилларда банкларда ҳаттоки пулларнинг боғламини ечмасдан қабул қилиш одат тусига кирган эди: уларни санашга куч ҳам имконият ҳам етишмасди.

Йирикроқ номиналдаги купюралар (10.000, 50.000 ва энди 100.000 сўм)нинг чиқарилиши аҳолининг ҳам, тижорат банкларининг ҳам турмушини енгиллаштиради, нақд пулларни ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли тарзда қисқартиради.

Мен йирик битимларни ҳисоб-китоб қилишда ва омонат қилиб сақлаш учун янада йирикроқ номиналдаги купюралар чиқарилса ёмон бўлмасди, дейман. Агар бизнинг яқин қўшниларимиз билан солиштирилса, бизнинг энг йирик купюрамиз ҳам долларга чақилганда энг кичик қийматга эга эканлиги аён бўлади. Фарқ энг камида 4 баробарни ташкил этмоқда. Масалан, Россия ва Қирғизистонда энг йирик купюралар қиймати бўйича қарийб 75 АҚШ долларига тенг, Қозоғистон ва Тожикистонда — 53 АҚШ доллари, бизнинг бир юз минг сўмлик купюрамиз эса 12 доллардан ҳам пастроқ қийматга эга.

Купюраларнинг максимал номинали ва уларнинг АҚШ долларидаги қиймати

Марказий банк бозор талабларини инобатга олиб, кичик номиналдаги купюралар ва тангалар танқислиги юзага келмаслиги учун миллий валюта номиналлари тузилмасида пропорцияларга риоя қилиши бошқа гап.

— Йирикроқ номиналдаги купюраларнинг муомалага чиқарилиши инфляцияни кучайтиради, деган ҳадиклар ҳам йўқ эмас. Бу ҳадиклар нечоғлик ўринли?

— Бундай ҳадиклар ўн минг сўмлик ва эллик минг сўмлик пуллар муомалага чиқарилганида ҳам янграган эди. Бу ҳадиклар ҳеч бир объектив асосга эга бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Йирикроқ купюраларнинг чиқарилиши — соф техник жараёндир. Умумий пул массаси (айнан унинг ўзгартирилиш инфляцияга таъсир ўтказади) бу жараён туфайли ўзгармайди.

Қоғоз пуллар доимий равишда эскириб туради ва бир неча ой ичида бир марта улар янгиларига алмаштирилиб турилади. Айнан мана шу табиий янгиланиш жараёнида янги номиналлар муомалага чиқарилади.

Келинг, ўзи купюралар муомалада қандай пайдо бўлишини қараб чиқайлик. Марказий банк уларнинг сўровларига кўра тижорат банкларига нақд пул жўнатади. Тижорат банкларининг сўровлари эса аҳоли ва корхоналарнинг нақд пул ечиб олишга бўлган сўровлари ҳосиласидир. Янги, йирикроқ қийматдаги пулнинг пайдо бўлиши бу сўровларнинг ҳажмига қандай таъсир ўтказа олади? Ҳеч қандай. Фақатгина жўнатилаётган купюралар тузилмасида ўзгариш содир бўлади: бу тузилмада юз минг сўмлик банкнота ҳам пайдо бўлади. Фақат шу. Умумий пул массаси ҳажми ўзгармайди, бинобарин, инфляция кучаймайди.

Назарий жиҳатдан фараз қилиш мумкинки (амалда бунинг эҳтимоли жуда кам), юз минг сўмлик купюра чиқарилиши билан ундан омонат маблағи сифатида фойдаланиш учун аҳоли томонидан нақд пулга бўлган талаб орта бошлайди. Ҳаттоки шу ҳолатда ҳам инфляция кучаймайди, нархларнинг ўсишига харажатларнинг ошиши таъсир ўтказа олади, лекин уйларда сақланаётган пулларнинг ҳажми ошиши эмас.

Юқоридагилардан «энди умуман инфляция бўлмас экан», деган фикрга ҳам келмаслик керак. Инфляция пайдо бўлишининг ўз сабаблари бор ва бу янги пул ишлаб чиқариш билан боғлиқ эмас. Гап янги купюранинг муомалага киритилиши инфляцияни кучайтирмаслигида.

More News