12 сентябрь куни Японияда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган фуқароларни кетиш олдидан мослаштириш ва ўқитиш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда маросимда иштирок этган КUN.UZ мухбири хабар берди.
Маросимни Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Ҳаитов очиб берди ва икки халқнинг ҳам ҳаёт тарзи, маданияти, санъати, урф-одатлари ўхшаш эканлигини қайд этди.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўзбек фуқароларини Японияда меҳнат қилиши соҳасида ҳамкорлик қилиш учун фаол ишларни амалга оширган. Натижада 2016 йилнинг 14 майида Агентлик ва Уно корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида қайднома имзоланган. Япониянинг GRANATJapanCo., Ltd., MarukoFoodCo., Ltd., IIDASangyoCo., Ltd., SAIKONTAN Farm, EastSunCo., Ltd ва TakeruCo., Ltd каби қатор компанияларда ишлаш учун ўзбек стажёрлари танлаб олинган.
Япониянинг ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилоти (JITCO) ва Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ўртасида 2012 йил 28 майда имзоланган меморандум, шунингдек, Ташқи Меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва «Chuo Sangyo Shinko» ассоциацияси ўртасида 2015 йил 26 июнда имзоланган стажёрларни техник тайёргарликдан ўтказиш дастурига оид битимга мувофиқ, 2017 йилнинг февралида 14 киши Японияда техник малакани оширишга рухсатнома олишди.
Японияга кетаётган техник стажёрларни мослаштириш ва ўқитиш маркази директори Улуғбек Низомов қуйидаги фикрларни билдириб ўтган: «Мазкур бинонинг барпо этилиши Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги мустаҳкам дипломатик алоқаларнинг яна бир намунасидир. Японияга меҳнат фаолиятини олиб бориш учун кетадиган фуқароларимиз эндиликда бу масканда тайёрланиб, тил ўрганишади. Кейин эса Японияда 3 йил давомида меҳнат қилиб, ўз малакаларини оширишади, шунингдек, кунчиқар мамлакатнинг билим ва тажрибасини ўрганган ҳолда янги сармоялар билан Ватанимизга қайтишади. Ўйлаймизки, марказ фуқароларимизга бошланғич таълимни беришда ва япон тили, маданияти, қонунларини ўрганишда яқиндан ёрдам берувчи даргоҳ бўлиб хизмат қилади».