Ўзбекистонда бир ёқдан туризмга, бошқа томондан замонавий услубдаги шаҳар қисмлари – city’лар қуришга эътибор кучайиб бораётганига барча гувоҳ.
Хорижлик сайёҳларнинг катта қисми тарихий шаҳарларга – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Марғилон ва бошқа манзилларга сафар қилишади. Меҳмонларни баланд ойнаванд иморатлар, бир хил тусдаги кўпқаватли уйлар билан лол қолдириб бўлмайди, улар ёғоч дарвозали, нақш, ганч, безакларга бой тоқ ва шифтли, узум ишкомли хонадонлар, самимият ҳамда одамохунликка шинаванда ҳисобланади.
Бу ҳақда кўп йиллар Ўзбекистонда яшаган, «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига ўгирган таржимон Марк Эдвард Рис шундай дейди:
– Тошкентни севадиган бир инсон сифатида шуни айта оламанки, албатта, айрим бинолар бузилиши мумкиндир. Бинолар устига янги қиёфа ёпаётган турк компаниясини назарда тутмаяпман… Бироқ Эски шаҳар сайёҳлар учун қизиқроқ. Бу ҳақиқатга яқинроқ (шаҳарнинг тарихий қиёфасига) ва у ердаги аҳоли ўша эски қўни-қўшнилари соғинади, хотирлайди. Фикримча… вақти келганида лойиҳани режалаштираётганлар Дубайга ўхшаган сохта қадимий шаҳарларни қуришаётганини англаб етишади ва бу (ясама) Дисней эртаклар оламига ўхшаб қолади. Яна, кулгули игнабаргли дарахтлардан воз кечишда иккиланманг. Минтақага хос чинорга ўхшаш дарахтларни экиш зарур!
Бугун тарихга айланиб бораётган маҳаллалар, хонадонларни асраш, уларни ободонлаштириш нафақат хорижлик меҳмонларни жалб этиш учун, балки келажак авлодга ҳам маданий мерос ва қадриятларни етказишда муҳим ўрин тутади.
Kun.uz янги фотолойиҳа – O‘zimizning mahalla лойиҳасини тақдим этади. Илк манзил – Тошкент шаҳридаги «Зарқайнар» маҳалласи.
Тарихий Тошкентнинг марказий қисми – Чорсу бозори яқинидаги ушбу маҳалладан Форобий, Сағбон, Лангар, Шоший, Қўштут, Оқартириш, Тарих, Қизилтут, Мақола, Олча, Зарқайнар кўчалари ўтади.
Аҳоли уйлари ғишт, гувала, синчлардан кўтарилган.
Хонадонларнинг катта қисмида ёғоч дарвозалар ўрнатилган.
Кўчаларда асосан нуронийлар, онахонлар, жажжи болакайлар учраб қолади.
Эски шаҳарда бодом гуллаган.
Беихтиёр Ойбекнинг «Фанорчи ота» ҳикояси ёдга тушади.
Афсуски, дарвозалар ва деворларга турли ёзувлар сепиб кетишган.
Катта ёшлилардан фарқли равишда болакайлар фотокамерадан чўчишмайди.
Чойхона. Гузар. Оталар оромгоҳи.
Тарих кўчаси.
Хастимом гумбазлари.
Тошкентнинг ушбу қисмидаги кексалар замондошларимизнинг кўпчилигидан фарқли равишда саломга алик билан жавоб беради, кичиклари эса самимий, ёрдамга тайёр. Кўчалардан эса тарих ва тарбиянинг нафаси келиб туради.
Зеро, одамийлик ва тарбия, халқ қиёфаси кўтарилаётган баланд ва ҳашамдор уйлар-у кошоналарнинг виқори билан эмас, балки кундалик турмушда ҳалоллик, ҳурмат ва виждон тушунчаларига қанчалик содиқ қолаётганимизда акс этади.
Ўзбекистонда тарихий шаҳарлар кўп, тарихи бор шаҳарлар талай. Kun.uz сайти ижодкорлари O‘zimizning mahalla лойиҳаси давомида сизнинг шаҳрингиз, маҳаллангизда ҳам бўлади. Кутинг ва биз, албатта, борамиз.