«IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» компанияси фаолияти халқаро анжуманда эътироф этилди
21 февраль куни Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» компанияси ташаббуси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Bio energy LTD» ҳамкорлигида ўсимликлар ва тупроқларни соғломлаштириш, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни жорий қилиш, шунингдек, минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири шу ҳақда хабар берди.
Халқаро анжуман доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида дунёнинг етакчи халқаро университетлари олимлари ҳамда мустақил изланувчилар томонидан «Жонли тупроқ ва органик кўмир: тупроқ учун соғломлаштириш маркази», «Тупроқ микроорганизмлари-мустаҳкам қишлоқ хўжалигининг асоси», «Ўсимликшуносликнинг инновацион технологиялари», шунингдек, «Ўзбекистон тупроқлари шароитида минерал ўғитлар самарадорлигини ошириш йўллари» мавзуларида қизиқарли тақдимотлар ўтказилиб, иштирокчилар томонидан соҳа олдидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Литванинг Вилнюс университети Илм-фан ҳаёти маркази микробиология ва биотехнология кафедраси доценти Аудрюс Гегяцкас,ўсимлик ва тупроқ саломатлиги бўйича мустақил ўқитувчи ва маслаҳатчи, австралиялик Джоель Уилямс, ВитаутасМагнус университетининг агрономия факультети ўқитувчиси Витаутас Лалас, Ўзбекистон фанлар академияси академиги Жўрақул Сатторов, шунингдек, агрокластер раҳбарлари, фермер ва деҳқонлар иштирок этди.
«Учрашувнинг аҳамияти шундаки, унда дунё қишлоқ хўжалиги билимларини пухта билган олимлар билан фикр алмашдик. Бугун ён дафтаримга келгусида амалга оширишим лозим бўлган кўпгина янги фикрларни қайд қилиб олдим»,- дейди тадбир қатнашчиси, Жиззах вилоятидаги «Silver leafe bmb agro trade group» Агрокластери раҳбари Абдуолим Хидиров.
Анжуман иштирокчилари томонидан экинларни турли зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилувчи воситаларнинг аҳамияти бўйича ҳам фикрлар билдирилди. Бу борада шу каби воситаларни ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг етакчи компаниялардан бири «IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» фаолиятига юқори баҳо берилди.
Мазкур компания 2017 йилдан бошлаб ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини Республика ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва бу соҳада қатор ютуқларга эришди.Бугунги кунда «IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» томонидан экинларни ҳимоя қилишда зарур бўлган 70 дан ортиқ кимёвий воситалар ва 50 турдан ортиқ минерал ҳамда органик воситаларни деҳқон, фермерларга етказиб берилмоқда.Ушбу маҳсулотлар экинларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда юқори ҳосил олишда деҳқонларга беминнат ёрдамчидир. Шу боисдан компания «Биргаликда етиштирамиз!» шиори билан ишлаб келади.
«IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» компанияси нафақат ўсимлик ҳимояси учун маҳсулот ишлаб чиқаради, балки бепул агрономик маслаҳат ва хизматларни ҳам кўрсатади. Унга кўра, компания мутахассислари ўз мижозларининг экин майдонига ташриф буюриб илмий таҳлиллар асосида керакли тавсияларни беради.
«IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» Ўзбекистон бўйлаб ўзининг 100 дан ортиқ савдо дўкони ва филиалларига эга.
Анжуманда халқаро мутахассислар томонидан ўсимликлар ҳимояси ва озиқланиши учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш, деҳқон ва фермерлар учун илмий, агрономик хизматлар кўрсатиш борасида мазкур компания тажрибасини оммалаштириш тавсия этилди.