Тест жараёнларида қатнашадиган кузатувчиларнинг ўзига кузатувчи керак эмасми?
23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси бўйича Давлат тест маркази ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумот учун, 2018 – 2019 йилги ўқув йили қабулида турли ҳудудларда абитуриентларга четдан ёрдам бўлиши каби ҳолатлар такрорланган.
Имтиҳондан сўнг ҳам абитуриентларни маълум маблағ эвазига ўқишга киритган декан ва ўқитувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.
Kun.uz мухбири Давлат тест маркази директори Мажид Каримовга кириш имтиҳонлари жараёнида кузатувчи сифатида сараланган шахсларнинг танлаб олиниши тўғрисида савол билан юзланди.
ДТМ директори эса шундай жавоб берди:
«Ҳар йил, масалан, бизга 5 минг кузатувчи керак бўлса, биз 10 мингдан ортиқ мутахассис орасидан уларни саралаб оламиз. Уларнинг малакасини ошириш ишлари ўтказилгач, тест синовларида синаб кўрамиз. Сараланганларнинг қайси кун, қаерга боришини бир кун олдин генерация қиламиз ва эрталаб уларни хабардор этамиз.
Бирор объектда ҳали ДТМ вакили бино раҳбари бўлмаган. Бошқа ташкилотлардан жалб қилинган одамлар бўлган. Энди фақат бизнинг ходим назорат қилади. Ҳар бир назоратчининг ҳаракати таҳлил қилинади. Улар масъулиятни ҳис қилиб туради.
Жамоатчилик назоратига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Депутатларимиз қаттиқ талаб қилишмоқда, фикрлар билдиришмоқда. Жараёнга Адлия вазирлигидан катта куч ташланди.
Хавфсизлик идораларидан ҳам вакиллар иштирок этишади.
Назоратчилар танлаш ишларини Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига топширамиз. Энг ҳалол, энг принципиал ва фидойи вакилларни таълим муассасаларининг раҳбари ўз имзоси билан тасдиқлаб жўнатади».