Дунёнинг энг инновацион компаниялари рейтинги эълон қилинди. Apple етакчиликни бой берди

0
689

Fast Company нашри дунёнинг энг инновацион компаниялари элликталигини эълон қилди. Бир йил аввал  рейтинг етакчиси бўлган Apple компанияси жорий рейтингда 17-ўринга тушиб кетди.

1-ўринни Хитойнинг Meituan Dianping сервиси эгаллаган. Бу компания яқин орадаги дўкон ва ресторанларни топиш, таом буюртириш ва меҳмонхоналарни бронлаш хизматларини кўрсатади. 2018 йил 1-ярмида компания хизматларидан 2,8 мингта шаҳардан 350 млндан кўпроқ одам фойдаланган.

Рейтингнинг 2-ўрнини Жануби-Шарқий Осиёдаги такси хизмати Grab,

3-ўрнини турли технологик ечимларни фаол татбиқ қилганлик учун АҚШ Миллий баскетбол уюшмаси эгаллади.

Энг инновацион компаниялар етакчи ўнталигига, шунингдек, Walt Disney кинокомпанияси, кийим харид қилиш дастури Stitch Fix, тез тамаддихоналар тармоғи Sweetgreen, мева ва сабзавотлар барра бўлиб қолиши учун улар устига суртилувчи табиий моддани ишлаб чиққан Apeel Sciences компанияси, Square тўлов хизмати, сули сути ишлаб чиқарувчи швед компанияси Oatly ва Twitch стриминг видеосервиси кирган.

Рейтингни тузувчилар фикрича, Apple 2018 йилда ҳақиқатда ҳайратлантирувчи гаджет ва технологиялар ишлаб чиқмаган ва бу унинг рейтингдаги позициясини йўқотишга олиб келган.

Apple 2018 йилда iPhone X смартфони, Apple Watch Series 3 ақлли соатлари, тўлдирилган реаллик технологияси ARKit кабиларни ишлаб чиққани учун 1-ўринга лойиқ топилганди.

Fast Company рейтингни тузишда 30 дан кўпроқ муҳаррир, мухбирлар ва муаллифлар, минглаб компаниялар ўртасида сўровнома ўтказган.

Компания асосий рейтингга қўшимча ҳолда тармоқлар бўйича энг инновацион компаниялар рўйхатини тузади. Apple жорий йилда “Маиший электроника” йўналишида етакчи деб топилган.