Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 1 майдаги 180-сон буйруғи билан тасдиқланган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар:
1-банддаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги” деган сўзлар “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги” деган сўзлар билан алмаштирилади.
16-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги гап билан тўлдирилади:
“Аноним мурожаат комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.”.
4-боб қуйидаги мазмундаги 30-1-банд билан тўлдирилади:
“30-1. Комиссия ваколатли органнинг мурожаатига асосан ижрочини Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиши мумкин, унда қуйидаги маълумотлар киритилади:
харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартларда давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари тўғрисидаги;
мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар ҳақидаги, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;
суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар тўғрисидаги.
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган ижрочи уч йил давомида давлат харидларида иштирок эта олмайди, бу муддат тамом бўлгач ижрочи Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестридан чиқариб юборилган ҳисобланади.”.