Андижон шаҳри марказидаги ҳолат: «Дом»имизда табиий газ фақат Конституция куни ва Янги йил байрамида меҳмон бўлган!»

0
3698

Табиий газ таъминотидаги муаммолар бўйича келаётган мурожаатлар сони кўп эмас, балки жуда кўп. Аниқки, бундай муаммолар қиш мавсумида биринчи ўринга чиқади. Салбий ҳолатлар бўйича бизга келиб тушган мурожаатларнинг барчасини ўрганишга имкониятимиз етмаслиги мумкин. Kun.uz мухбирлари баҳоли қудрат ўша жойнинг ўзига бориб, масалани ёритишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта водийнинг уч вилоятидаги табиий газ етиб бормаётган жойлар ҳақида эълон қилинган танқидий мақоламиздан сўнг бу вилоятларда фаолият юритувчи “Ўзтрансгаз” ҳудудий филиал мутасаддилари турлича реакция қилишди. Фарғона ва Наманганда айнан ўша мурожаат тушган жойларда (таъкидлаймиз, айнан ўша мурожаат тушган ҳудудларда)ги камчиликлар бартараф қилинган бўлса, Андижонда ўша жойларга бир кун газ беришиб, эртасига яна ўша эски ҳолат давом этган. Бу жиҳатга мақола сўнгида яна бир бор тўхталишимиз бор.

Андижон шаҳрининг қоқ марказида жойлашган 3-кичик даҳа, 42-кўпқаватли уйда яшовчи аҳоли вакиллари ўтган ҳафта табиий газ таъминотидаги аҳвол умуман ёмон эканлиги ҳақида жуда кўп бора мурожаат қилишди.

Биз ҳолат билан танишгани ўша жойга бордик. Ҳақиқатда, 42 ва унга қўшни бўлган тўртта “дом”да ҳолат жуда ёмон. Сизда: “Туманлардаги деярли барча қишлоқларда аҳвол шундай-ку?” деган савол туғилиши мумкин. “Дом”да ҳолат бошқачароқ, улар суюлтирилган газ баллони билан таъминланмаган. Мабодо ўз пулига газ баллони сотиб олиб ишлатса, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид ҳисобланади. Кўпқаватли уйда печка ёқиш яна муаммо. Бундай ҳолат нафақат 42-уйда, айтиб ўтганимиздек, балки унга қўшни тўртта уйда ҳам юз бермоқда.

“Қиш давомида шаҳар газ идораси, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилавериб, асабларимиз тугади. Ҳеч қандай натижа йўқ. Шу уч ойни катта қийинчилик билан ўтказдик.  Баъзида газ эрталаблари ярим сантиметр бўлиб ёниб қолади. Тушдан кейин эса яна газнинг ҳидини ҳам топа олмаймиз. “Дом”имизда марказлашган иситиш тизими аллақачон йўқ бўлиб кетган. Муаммоларимизни эшитадиган, чора кўрадиган одам борми?” дейишди шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари Жамила Аюпова, Елена Назарян, Саодат Юсупова ва бошқалар.

Аҳоли вакиллари бизга ёзилган аризага шаҳар газ участка инспектори Ж. Тўрахонов томонидан шу уйнинг 10-квартирасида яшовчи фуқаро Т. Найдага юборилган жавоб хатини кўрсатишди. Арзномага жавоб ўтган январь ойининг 19-куни юборилган бўлиб, унда нима ёзилганига, тўғриси, биз ҳам тушунмадик. Унга кўра, участка ходимлари келиб, уйда табиий газ ҳолати қониқарсиз эканлигини аниқлабди ва газ таъминоти меъёрида етказиб берилиши бўйича тушунча берибди (?). Бироқ газ таъминотида ўзгариш бўлмабди. Қуруқ гапдан иборат, амалий ёрдам бермаган “жавоб хати”. Фақат бу хатни ёзишга, компьютер, ходим ва қоғоз овора…

Уйларга кириб, ҳолат билан танишамиз. Ҳақиқатда овқат қилиш учун газ йўқ. “Дом”да ўтинга овқат қилиш азоб. Марказлашган иситиш тизими йўқлиги учун ҳамма уй ичида иссиқ кийимда юрибди. Онахонлардан бири иссиқ кийимда суратга тушишга орият қилди. “Қўйинг, таниш-билишлар кўрса, уяламан”, дейди у.

Қаранг-а… Аслида “дом”да газ йўқлиги бўйича мурожаатларга жавоб бермайдиган, телефонни кўтаришга эринаётган шаҳар газ ташкилоти ва шаҳар ҳокимлиги уялиши керак.

Бундан ташқари, мазкур уйда том қисми ва йўлаклар таъмири учун аҳоли томонидан олинган кредитлар бўйича ҳам муаммолар бор.

Уйни электр билан таъминловчи тизим ускуналари очиқ-сочиқ эканлигига ҳам эътибор бермай қўйилган.

“Табиий газ муаммоси қачондан бери мавжуд?” деган саволимизга онахонлар: “Қиш ойларида табиий газ Конституция байрами куни ва Янги йил байрами кунлари берилди, холос”, – дея жавоб қайтаришди.

Вилоят марказида жойлашган кўпқаватли уйдаги табиий газ таъминотида шунча муаммо…

Туман марказлари ва қишлоқлардаги ҳолатга ўтган сафарги мақоламизда тўхталган эдик. Бироқ, “Ўзтрансгаз” Андижон бўлимининг эътиборини қарата олмадик.

Балки, бу сафар Андижон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар газ корхонаси юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти аҳоли дарди, муаммоларини тинглаш ва уни бартараф этиш эканлигини эслаб қолар…

More News